Яратилиш санаси 17.11.2021

Сохта Салафийларнинг ақидавий далиллари-2

Яна шу ҳақда устоз Абдурроҳман Ҳасан Ҳабаннакал Майдоний ўзларининг «Ал-Ақийда ал-Исломия ва усусуҳа» номли китобларида қуйидагиларни ёзадилар:

«Баъзи оҳод ҳадислар ақоиднинг бир қисмини ўз ичига олган. Ислом уммати уларни ўзининг аввалги асрларида ҳеч қандай инкорсиз қабул қилиб олган. Шу сабабдан ўша ҳадислар мутавотир мартабасига кўтарилган. Мусулмонлар уларнинг маъносини ҳеч бир инкорсиз қабул қилгани учун улар «маънавий мутавотир» дейилади. У эса лафзи мутавотир бўлган хабар ифода этган нарсанинг худди ўзини ифода этади».

Ақоид илмининг бобокалонлари «Оҳод ҳадисларни ақийдада ҳужжат қилиб бўлмайди», деганларни қаттиқ қоралаганларини ҳам айтиб ўтишимиз лозим. Бунга мисол тариқасида «Талхийси шарҳи ақоиди Таҳовия» китобидан иқтибос келтирамиз: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан саҳиҳ йўл билан собит бўлган шаръий нарсалар ва баёнлар ҳаммаси ҳақдир».

Шарҳ: Муаллиф раҳматуллоҳи алайҳининг бу гаплари жаҳмия, муъаттила, мўътазила, рофиза мазҳабларига раддиядир, чунки улар ҳадисни инкор қилганлар ҳамда бу бузуқ ишларига қуйидаги далилларни келтирганлар:

«Ҳадислар ва хабарлар мутавотир (кўп кишилар томонидан ривоят қилинган) ва оҳод (оз кишилар томонидан ривоят қилинган) ҳадисларга бўлинади».

«Мутавотирнинг ривоят суянчиғи кучли ва қатъий бўлса ҳам, далолати қатъий эмасдир. Чунки лафзий далиллар қаттиқ ишончни ифода қилмайди» (Шунинг учун улар сифатларга далолат қилувчи Қуръони Карим оятларини ҳам инкор этиб, бузуқ таъвиллар қилганлар).

Олимхон Исақов

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар