Яратилиш санаси 22.10.2021

Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг баъзи ахлоқлари-8

Аллоҳ таоло «Қалам» сурасида: «Ва албатта, сен улкан хулқдасан», деган (4-оят).

Бу ояти карима Пайғамбар алайҳиссалом учун катта баҳодур. Аввало, ўтган оятда Аллоҳ у зотга «Роббинг» деб Ўз исми шарифига қўшиб хитоб қилган эди. Энди эса, у кишининг хулқларини улуғлик билан сифатламоқда. 

Аввал ҳам таъкидланганидек, Оиша онамиздан у кишининг хулқлари ҳақида сўрашганда, «Хулқлари Қуръон эди», деб жавоб берганлар. Яъни, Муҳаммад алайҳиссалом Қуръондаги олий хулқлар билан хулқланганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръондаги барча яхши одоб-ахлоқни ўзларига сингдирганлар.
Умуман одоб, ахлоҳ, яхши хулқга Исломда катта эътибор берилган. Мазкур оят ҳам шулардан биридир.

«Ва албатта, сен улкан хулқдасан», деган хитоб билан Аллоҳ Ўзининг маҳбуб Пайғамбарини нақадар чиройли ахлоқ эгаси эканликларини таъкидламоқда. 

Хуллас Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари ҳақида ҳар қанча гапирилса оз. Мазкур оятнинг ўзи ҳамма нарсадан устундир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мен яхши хулқларни батамом қилиш учун юборилганман», дедилар». Байҳақий ривоят қилган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Киши яхши хулқи билан кундузни рўза тутиб, кечасини намоз ўқиб ўтказадиганлар даражасига етади», дедилар». Аҳмад ривоят қилган.

Қобилжон Ахунжанов

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар