Яратилиш санаси 14.10.2021

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга гўзал намунадирлар-2

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир Набийнинг шаксиз қабул бўладиган дуоси бўлади. Барча Набийлар ўз дуоларини (бу дунёда) қилиб бўлдилар. Мен ўз дуойимни қиёмат куни умматимга шафоат бўлиши учун беркитиб қўйганман. У менинг умматимдан Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмай ўлганларга, албатта, етгувчидир”, – дедилар (Имом Термизий ривоятлари).

У Зот алайҳиссалом катта дуоларини умматлари энг муҳтож бўладиган пайт – охират учун сақлаб қўйган эканлар. Бу ҳадисда У Зотнинг умматларига бўлган меҳрлари, лутфлари, шафқатлари яққол кўриниб турибди. Умматларини ўзларидан ҳам, оилаларидан ҳам устун кўриб, уларни дуо қилишни кўзламоқдалар.

Сарвари олам энг ҳалим, босиқ ва мулойим инсон эдилар. Аллоҳ таоло У Зотнинг ушбу хусусиятларини мақтаб Ўзининг каломида шундай марҳамат қилган:

 “Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй Муҳаммад) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар...” (Оли Имрон сураси 159-оят).

Набий алайҳиссаломнинг ҳалимликлари қуйидаги ҳадисда ҳам ёрқин намоён бўлади. Анас разияллоҳу анҳу айтадилар: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга кетаётган эдим. У Зотнинг эгниларида дағал матодан бўлган кийим бор эди. Олдиларига бир аъробий келиб, ридоларидан қаттиқ тортди. Тортиш натижасида кийим Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг елкаларида из қолдирганини кўрдим.

Аъробий: “Эй, Муҳаммад! Ҳузурингиздаги молдан менга ҳам улуш беринг”, деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам унга ўгирилиб қарадилар ва табассум қилиб, сўнг унга ҳам молдан улуш беришни буюрдилар” (Имом Бухорий ривоятлари).

Саҳоба Абу Саъид Худрий разияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бевалар, мискинлар, қул-хизматчилар билан бирга юрар, уларнинг эҳтиёжларини таъминлар, бундан асло тортинмас ва орланмас эдилар” (Имом Абу Довуд ривоятлари). 

Расулуллоҳ алайҳиссалом муҳтож ва мазлумларга кўп ёрдам қилар эдилар. Масалан, Ирош уруғига мансуб бир одам туяларини сотиш учун Маккага келди. Абу Жаҳл ундан туяларини сотиб олдию, лекин пулини тўлашни пайсалга солди. Ҳалиги одам эса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Каъбанинг бир бурчагида ўтирганларида Қурайшнинг йиғин жойига келиб: “Эй Қурайш жамоаси! Абу Жаҳлдан ҳаққимни олиб беришда ким менга ёрдам беради? – деди. Ана шу мажлисдагилар Расулуллоҳ билан Абу Жаҳл орасидаги адоватдан хабари бўлганликлари боис масхаралаб: “Унга Муҳаммадга бор, у сенинг ҳаққингни олиб беради”, – дейишди. Ироший Расулуллоҳнинг олдиларига бориб, вазиятни тушунтирди. Расулуллоҳ алайҳиссалом Абу Жаҳлнинг уйига бориб эшигини қоқдилар. Абу Жаҳл ташқарига чиқдию, ранги оқариб кетди. Шунда Расулуллоҳ алайҳисаллом: “Бу одамнинг ҳаққини бер!” – дедилар. Абу Жаҳл: “Хўп”, – деб, уйига кириб, у одамнинг ҳаққини олиб чиқиб берди. Кейин Ироший киши Расулуллоҳнинг ҳақларига дуо қилиб, хурсанд бўлиб кетди. Бўлган воқеадан кейин мажлисдагилар Абу Жаҳлни кўриб унга: “Шўринг қурсин, сенга нима бўлди? Сенинг бу қилган ишингга ўхшашини асло кўрмаганмиз”, – дейишди. Абу Жаҳл: “Сизнинг шўрингиз қурсин. Аллоҳга қасамки, Муҳаммад эшигимни қоққанида овозини эшитар-эшитмас қалбим қўрқувга тўлди. Олдига чиқдим. Унинг боши узра бир баҳайбат туя турарди. Ҳеч қачон ундай важоҳатли туяни кўрмаганман. Аллоҳга қасамки, агар талабини рад этганимда туя мени ўша ернинг ўзида еб қўярди”, – деди. 

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам либосларини ўзлари ямаб, гоҳида сут ҳам соғар эдилар. Оиша онамиз разияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам кўйлакларини ямар, оёқ кийимларини тикар, эр киши уйда қиладиган барча ишларни бажарар эдилар” (Имом Аҳмад ривоятлари).

Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо айтадилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат олиш (да сув қуйиб туриш) ва садақа бериш ишларини ҳеч кимга буюрмас, фақат ўзлари бажарар эдилар”. (Имом Ибн Можа ривоятлари).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам қулнинг ҳам, ҳурнинг ҳам чақириғини бирдек қабул қилар эдилар. У Зот камбағаллар билан бирга мажлис қурар ва мискинлар билан бирга овқатланар эдилар.

Набий алайҳиссалом инсоннинг вужуди, кийими ва унга хос нарсалар поклиги билан бирга, унинг атрофидаги нарсалар ҳам озода бўлишига катта аҳамият берар эдилар. У Зотнинг ўзлари бу борада барчага ўрнак эдилар. Ўз ҳадиси шарифларида: “Поклик иймоннинг ярмидир”, – дер эдилар (Имом Муслим ривоятлари). Бошқа бир ўринда: “Албатта, Аллоҳ таоло покдир, поклик ва озодаликни ёқтиради. Покланинглар, ён-атрофларингни озода тутинглар, ҳовли, уй-жойларингизни тоза тутинглар”, – дер эдилар” (Имом Термизий ривоятлари).

Бундан бошқа Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ростгўйликлари, амонатдорликлари, адолатли ҳукм чиқаришлари, сабр-бардошли, ҳалим, очиқ чеҳрали эканликлари, жуфти ҳалоллари билан чиройли муомала ва муносабатда бўлишлари каби сон-саноқсиз гўзал хулқлари мавжуд.  Қолаверса, Аллоҳ таоло Расулуллоҳнинг хулқларини мадҳ этиб, шундай марҳамат қилган: “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!” (Қалам сураси 4-оят). Ушбу мақтов оддий мақтов эмас. Балки у оламларнинг Роббисидан келган мақтовдир. Зеро, ҳеч бир инсон бундай шарафга эришган эмас. Аллоҳ мақтаб турган шахсни биз қанча сифатласак ёки гўзал хулқларини айтсак-да, уни ҳаққини адо қила олмаймиз ва тилларимиз ожизлигича қолаверади. 

Шундай экан, биз умматлар имкон қадар ҳар бир феълу атворимизда ва ўзгалар билан муомала ва муносабатимизда суюкли Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ўрнак ва намуна олсак, айни муддао бўлар эди. 

Биз уммат ўлароқ инсониятнинг энг буюги – суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг сийратлари, суннатлари, гўзал шамоиллари ва юксак ахлоқларини қунт билан ўрганишимиз ва ёш авлодларга ўргатишимиз зиммамиздаги олий бурчимиздир. Алҳамдулиллаҳ, ҳозирда Ҳабибимиз алайҳиссаломнинг муборак сийратларига бағишланган турли-туман китоблар нашр этилган. Биз оила аъзоларимиз даврасида шу китоблардан мутолаа қилишни жорий қилайлик. Фарзандларимиз қалбида Набий алайҳиссаломга нисбатан муҳаббатни уйғотайлик.

Ривожиддин Насритдинов

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти
маънавий-маърифий масалалар
бўйича мудир ўринбосари

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар