Яратилиш санаси 13.10.2021

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга гўзал намунадирлар

Маълумки, биз кутган Рабиул аввал ойи ҳам кириб келди. Хабарингиз бор, ҳар йили Рабиул-аввал ойида дунё мусулмонлари қатори мамлакатимизда истиқомат қилаётган юртдошларимиз ҳам муҳим бир санани кенг нишонлайдилар. У ҳам бўлса “Мавлидун-Набий”, яъни Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд кунларидир. Бу ойда барчаларимиз оламлар сарвари, бутун инсониятга охирзамон пайғамбари этиб юборилган суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг муборак тарихлари ва турмуш тарзларини янада кенгроқ ўрганишимиз, ҳар ишда у зотга эргашиш, суннатларига мувофиқ ҳаёт кечиришни бир-биримизга янада кўпроқ тарғиб қилишимиз керак бўлади. Чунки Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламни оламларга раҳмат ва ҳидоят нури қилиб юборди. У Зот сабабли инсониятни зулматлардан нурга чиқарди. У Зотни бу дунёда ҳидоят йўлбошчиси қилди. У Зот саллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган дин ва ундаги кўрсатмалар барча оламларга – инсонлар ва ҳайвонлар оламига ҳам, жамодот ва наботот оламига ҳам меҳр-муҳаббат, раҳм-шафқат манбаидир. 

Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида: “(Эй, Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз”, дея таъкидлаган. (Анбиё сураси 107-оят).

Оятдаги “раҳмат” жуда кенг маънони англатади. Бу ҳақда “Тафсири Табарий” китобида Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан қуйидаги жумлалар нақл қилинган: “Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломни дунёдаги барча мўминлару кофирларга раҳмат (меҳрибон) қилиб юборди. Мўминларга бу Зотни меҳрибонликлари – Аллоҳ таоло бу Зот сабабли мўминларни ҳидоят қилди, тўғри йўга бошлади. Натижада, мўминлар Аллоҳга имон келтириш ва У Зот томонидан буюрилган амалларни бажариши сабабли жаннатга кирадиган бўлдилар. Энди, кофирларга бу Зотни меҳрибонликлари – олдинги умматлар пайғамбарларини ёлғонга чиқарган пайтларида уларни устига катта-катта балолар келган. Аммо Пайғамбаримиз алайҳиссаломни ёлғонга чиқарган ёки пайғамбар эканликларига ишонмаган қавнинг устига Расулуллоҳнинг барокотларидан балоларни келиши кечиктирилди ва охиратга қолдирилди”.

Расулуллоҳнинг мана шундай оламларга раҳмат ва барча инсониятга меҳрибон ва жонкуяр эканликларини билиш учун бу Зот алайҳиссаломнинг муборак тарихлари, турмуш тарзлари, одоб-ахлоқлари, меҳр-оқибатлари, эзгулик ва фазилатларидан хабардор бўлишимиз керак.  Бугунги суҳбатимизда шулардан баъзиси билан танишиб чиқамиз.

Набий алайҳиссалом ўз умматларига ота ўз фарзандига шафқатли ва меҳрибон бўлганидан кўра шафқатли эдилар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: 

 “Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган, сизнинг машаққат чекишингиз Унинг учун оғир бўлган, сизнинг (саодатга етишингизга) ташна, мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган Пайғамбар келди” (Тавба сураси 128-оят). 

Ушбу ояти каримада Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг асосий сифатларидан бир нечтаси зикр қилинмоқда. Дарҳақиқат, дунё тарихида У Зотдек кишиларга марҳаматли, меҳрибон инсон бўлган эмас. Набий алайҳиссаломнинг аёллари Оиша разияллоҳу анҳо онамиз айтадилар: “Бир куни Набий саллаллоҳу алайҳи васалламни хурсанд ҳолда кўриб, У Зотга: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Мени дуо қилинг”, дедим. Шунда У Зот: “Эй, Аллоҳ! Оишанинг ўтган ва келажакда бўладиган, ошкора ва махфий гуноҳларини кечиргин!” – деб дуо қилдилар. Оиша онамиз (бу дуодан қувониб) шундай кулдиларки, хурсандликларидан бошлари Расулуллоҳнинг тиззаларига тушди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Дуоим сени қувонтирдими?” – деб сўрадилар. “Сиздек зотнинг дуоси мени қувонтирмасмиди?!” – дедилар Оиша онамиз. Шунда Сарвари олам: “Аллоҳга қасамки, бу менинг умматим учун ҳар бир намозимда қиладиган дуоимдир!” – дедилар” (Имом Баззор ривоятлари). 

Пайғамбаримиз алайҳиссалом дуолари Аллоҳ таолонинг ҳузурида қайтарилмайдиган буюк Зот ўз умматларининг ҳаққига ҳар намозларида “Эй, Аллоҳ! Умматимнинг ўтган ва келажакда бўладиган, ошкора ва махфий гуноҳларини кечиргин!” – деб дуо қилар эканлар. Бундан ҳам ортиқ меҳрибонлик борми дунёда?!

Ривожиддин Насритдинов

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти
маънавий-маърифий масалалар
бўйича мудир ўринбосари

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар